-
Нет Отзывов
-
В избранные
Туркий давлатлар ташкилоти, TÜRKSOY - Халқаро туркий маданият ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Олий ва ўрта маҳсус таълим вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган конференция Қўқон университети биносида бўлиб ўтмоқда.
ТУРКСОЙ Бош котиби Султанбай Раев, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Бахтиёр Ибрагимов, Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева каби кўплаб таниқли меҳмонлар, шунингдек, 50 нафардан зиёд республикамиз олимлари ва мутахассислари билан бирга хорижий давлатлардан, хусусан Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлардан келган 20 нафарга яқин тарихчи олимлар иштирокида бўлиб ўтаётган конференцияни Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди.
Конференцияда сўз олган ТУРКСОЙ Бош котиби Султанбай Раев, “Ўзбек, қирғиз, уйғур, қозоқ, қорақалпоқ ва бошқа кўплаб туркий халқларга макон бўлган Қўқон хонлиги, бағрикенглик ҳудуди бўлиш билан бирга, ўз даврининг маданият, санъат ва адабиётнинг ҳам аҳамиятли марказларидан бири бўлган. Турли миллат ва элатлар тотувлик, тинчлик ва осойишталикда ҳаёт кечирган Қўқон давлатининг бошқарув тизими ёки бошқача айтганда “Қўқон модели” бугунги кунда алоҳида тадқиқ этилиши лозим эканлигига ишонаман.” деб фикр билдирди.
Ушбу конференцияни ўтказишдан мақсад – Марказий Осиёда Туркий давлатчиликнинг ривожланишида Қўқон хонлигининг ролини ўрганиш, бу даврдаги тарихий воқеалар билан чуқурроқ танишиш, шунингдек, хонликнинг минтақадаги халқаро жараёнларга таъсирини аниқлаш, маданий ва меъморий мероси билан танишиш ва дунёга тараннум этишдан иборат.
10 июнга қадар давом этадиган конференция давомида Қўқон хонлигининг тарихи, давлатчилиги ва геосиёсий аҳамиятига бағишланган алоҳида сессиялар, шунингдек, “Туркий дунёнинг қалби – Фарғона водийси: ўтмиш, бугун ва келажак” мавзусидаги махсус сессия бўлиб ўтади